6.0 KiB
10. Ўнта офат.
Худо Мусони фиръавн Исроил ҳалқини Мисрдан қўйиб юбормаслиги хақида огоҳлантирди. Мусо ва Ҳорун фиръавннинг олдига бориб: “Исроилнинг Худоси шундай демоқда: “Менинг халқимни қўйиб юбор”, дедилар. Лекин, фиръавн уларга қулоқ солмади. У нафақат Исроил халқини озодликка қўйиб юбормади, балки уларни янада кўпроқ ишлашга мажбурлади.
Мусо ва Ҳорун фиръавннинг олдига бир неча бор келдилар, лекин фиръавн ҳар сафар Исроил халқини қўйиб юборишдан бош тортарди. Шунинг учун Худо Мисрга ўнта даҳшатли офат юборди. Бу офатлар орқали Худо фиръавнни жазолади, ҳамда У фиръавндан ва Мисрнинг барча худоларидан қудратлироқ эканини намоён қилди.
Биринчи офат шундай эди: Худо Нил дарёси сувини қонга айлантирди. Лекин фиръавн исроилликларни қўйиб юбормади.
Сўнг Худо Мисрга жуда катта миқдорда қурбақаларни юборди. Фиръавн Мусога илтижо қилиб, Мисрни қурбақалардан ҳалос қилишини сўради. Мусонинг ибодатидан кейин барча қурбақалар ўлди. Бироқ, фиръавн яна юрагини тош қилиб, Исроил халқини қўйиб юборишни истамади.
Шунинг учун Худо Мисрни майда чивинлар босқини билан жазолади, аммо фиръавн қайсарлик қилишда давом этди. Кейин Худо Мисрни пашшалар босқини билан жазолади. Шунда фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб, агар улар бу офатни тўхтатсалар, Исроил халқи Мисрдан кетиши мумкинлигини айтди. Мусо ибодат қилди ва Худо Мисрдан пашшаларни йўқотди. Аммо фиръавн яна юрагини тош қилиб, Исроил халқини қўйиб юбормади.
Шунда Худо мисрликларнинг барча чорвасига ўлат касаллигини юборди. Фиръавн яна юрагини тош қилди ва Исроил халқинининг кетишига рухсат бермади.
Бундан кейин Худо Мусога фиръавннинг олдида ҳавога кул сочишни буюрди. Мусо буни бажарганида, мисрликларнинг танасида яралар пайдо бўлди, исроилликларга эса ҳеч қандай зарар етмади. Худо фиръавннинг юрагини тош қилди ва у яна Исроил халқини қўйиб юборишдан бош тортди.
Кейин Худо Миср узра дўл ёғдирди. Дўл мисрликларн ҳосилининг кўп қисмини йўқ қилиб, очиқ ҳаводаги барча тирик жонзодни нобуд қилди. Фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб, уларга шундай деди: “Мен гуноҳ қилдим. Дўл тўхташи учун Худога ибодат қилинглар ва мен сизларни қўйиб юбораман”. Мусо ибодат қилганидан сўнг дўл ёғишдан тўхтади.
Лекин фиръавн яна гуноҳ қилди ва тошюрак бўлиб қолди. У исроилликларни қўйиб юбормади.
Кейин Худо Мисрга чигирткалар галасини юборди. Чигирткалар дўлдан омон қолган барча ҳосилни еб битирди.
Кейин Худо уч кун давом этган зулматни юборди. Бу зулмат шунчалик қуюқ эдики, мисрликлар уйларидан ташқарига чиқолмай қолдилар. Исроилликлар яшайдиган ҳудудда эса ёруғ эди.
Ҳатто тўққизта офатдан кейин ҳам фиръавн исроилликларга Мисрни тарк этишга рухсат бермади. Фиръавн Худога итоат қилишни истамаганлиги сабабли, Худо яна бир офатни юборишга қарор қилди. Ушбу охирги офат Фиръавнни исроилликларни кўйиб юборишга рози бўлишга мажбур қилиши керак эди.
Муқаддас Китоб ҳикояси Чиқиш 5-10 дан олинган