uz_obs/05.md

5.8 KiB
Raw Permalink Blame History

5. Ваъда қилинган ўғил

Frame 05-01

Ибром ва Сорай Канъонга кўчиб келганига ўн йил бўлган бўлса ҳам, улар фарзанд кўрмади. Шунда Ибромнинг хотини Сорай унга деди: “Худо менга шу пайтгача фарзанд кўришга руҳсат бермади, энди эса мен қариб қолдим, туға олмайман. Шунинг учун, мана сизга менинг чўрим Ҳожар, унинг олдига киринг ва у менга фарзанд туғиб берсин”.

Frame 05-02

Ибром хотинининг гапига қулоқ солди. Ҳожар ҳомиладор бўлиб, бекаси Сорайни менсимай қўйди. Сорай эса бунда Ибромни айбларди. Орадан вақт ўтиб Ҳожар ўғил туғди ва Ибром унга Исмоил деб исм берди. Исмоил ўн уч ёшга кирганида, Худо яна Ибромга мурожаат қилди.

Frame 05-03

Худо деди: “Мен Қодир Худоман. Мен сен билан аҳд тузаман”. Ибром Худони эшитиб, эҳтиром билан тиз чўкиб бош эгди. Худо давом этиб: “Сен кўп халқларнинг отаси бўласан. Мен сенга ва сенинг наслингга Канъон юртини бераман. Мен уларнинг Худоси бўламан. Сен оилангдаги ва қавмингдаги ҳар бир ўғил бола ва эркакни суннат қилишинг керак” - деди.

Frame 05-04

“Хотининг Сорай ўғил туғади — Мен сенга ваъда қилган ўғил шу бўлади. Унга Исҳоқ деб исм берасан. Мен у билан аҳд тузаман ва ундан буюк бир халқ яратаман. Исмоилдан ҳам буюк халқ пайдо бўлади, лекин аҳдим Исҳоқ билан бўлади”. Кейин Худо “Ибром” исмини “Иброҳим” деб ўзгартирди, бу исм “кўпларнинг отаси” деган маънони англатади. Худо Сорайнинг исмини ҳам “Сора” деб ўзгартирди, бу исм “Малика” деган маънони англатади.

Frame 05-05

Ўша куни Иброҳим ўз уйидаги барча ўғил болалар ва эракларни суннат қилди. Орадан тахминан бир йил ўтиб, Иброҳим юз ёш, Сора эса тўқсон ёш бўлганларида, Сора Иброҳимга ўғил туғиб берди. Худо айтганидай, чақалоққа Исхоқ деб исм қўйишди.

Frame 05-06

Исҳоқ ҳали бола бўлганида, Худо Иброҳимнинг имонини синашга қарор қилди. Унга: “Ягона ўғлинг Исҳоқни Мен учун қурбон қил” — деди. Иброҳим бу сафар ҳам Худога итоат қилди ва ўғлини қурбонликка келтиришга тайёрланди.

Frame 05-07

Иброҳим ўғли Исҳоқни олиб, қурбонлик келтириладиган жойга олиб кетаётганда, ўғли сўради: “Ота, қурбонлик келтириш учун бизда ўтин бор, лекин қўзи қани?”. Иброҳим жавоб бериб деди: “Ўғлим, қурбонлик учун қўзини Худонинг Ўзи беради”.

Frame 05-08

Улар қурбонлик келтириладиган жойга етиб келганларида, Иброҳим ўз ўғли Исҳоқни боғлади ва уни қурбонгоҳга ётқизди. У ўғлини эндигина бўғизламоқчи бўлиб турганида, Худо Иброҳимга: “Тўхта, Иброҳим! Болага тегма! Мендан қўрқишингни билдим, сен Мен учун ягона ўғлингни аямадинг”, деди.

Frame 05-09

Шунда Иброҳим узоқ бўлмаган жойда шоҳлари чакалакларга ўралашиб қолган қўчқорни кўрди. Бу қўчқорни Худо унга Исҳоқнинг ўрнига қурбонликка келтириши учун берган эди. Иброҳим хурсанд бўлиб, қўчқорни қурбонликка келтирди.

Frame 05-10

Худо Иброҳимга шундай деди: “Сен Мендан ягона ўғлингни ҳам аямаганинг учун, Мен сени марҳаматлайман. Сенинг наслинг осмондаги юлдузлардан ҳам кўп бўлади. Менга итоат қилганинг учун, дунёдаги барча халқлар сен туфайли барака топадилар!”

Муқаддас Китоб ҳикояси Ибтидо 16-22 дан олинган