uz_obs/04.md

5.2 KiB
Raw Permalink Blame History

4. Худонинг Иброҳим билан аҳди

Frame 04-01

Сув тошқинидан кўп йил ўтиб, одамлар кўпайдилар ва улар аввалгидек бағритош бўлиб, Худога ва бир-бирига қарши гуноҳ қила бошладидар. У даврда одамлар фақат битта тилда гаплашар эдилар. Худо одамларга дунё бўйлаб тарқалишни буюрган бўлса-да, улар бирга йиғилдилар ва шаҳар қуришни бошладилар.

Frame 04-02

Одамлар мағрурликлари туфайли, Худога қулоқ солишни ва Худо айтганидек яшашни истамасдилар. Улар ер юзи бўйлаб тарқалиб яшаш ўрнига, ўзларининг номини улуғлаш учун осмонўпар минора қуришни бошладилар. Худо одамлар бу ёвуз ишларида давом этадиган бўлсалар, улар янада кўпроқ гуноҳ қилишларини кўрди.

Frame 04-03

Кейин Худо одамларнинг умумий тилини турли тилларга алмаштирди ва уларни бутун дунё бўйлаб тарқатиб юборди. Улар қуришни бошлаган шаҳарни Бобил деб номладилар, бу “аралаштирилган” деган маънони англатади.

Frame 04-04

Юз йиллар ўтгач, Худо Ибром исмли одамга мурожаат қилди. Худо унга деди: “Ўз юртингни ва қариндошларингни тарк эт ва Мен сенга кўрсатадиган ерга бор. Мен сени баракалайман ва сендан буюк халқ яратаман. Исмингни улуғ қиламан. Мен сени баракалаганларни баракалайман ва сени лаънатлаганларни лаънатлайман. Ер юзидаги барча халқлар сен туфайли баракага эга бўладилар”.

Frame 04-05

Ибром Худога итоат қилиб, хотини Сорайни, ҳамма хизматкорларини ва бутун мол-мулкини олиб, Худо айтган Канъон юртига йўл олди.

Frame 04-06

Ибром Канъон юртига келганида Худо унга деди: “Атрофингга қара, сен кўриб турган бу ерларни сенга ва сенинг наслингга абадий мулк қилиб бераман”. Шундан кейин Ибром у ерга жойлашди.

Frame 04-07

Ўша ерда Эгамиз Худонинг Маликсидиқ исмли руҳонийси бор эди. Бир куни Ибром жангдан кейин, ўз жиянини озод қилиб қайтаётганида Маликсидиқни учратди. У Ибромни дуо қилиб: “Еру-кўкни яратган Эгамиз Худо Ибромни баракаласин” деди. Ибром эса бор мол-мулкининг ўндан бир қисмини Маликсидиққа берди.

Frame 04-08

Кўп йиллар ўтди, аммо Ибром ва Сорайнинг фарзандлари йўқ эди. Худо яна Ибромга мурожаат қилиб, унга ўғилни ва осмонда қанча юлдуз бўлса, шунча наслни ваъда қилди. Ибром Худонинг ваъдасига ишонди ва шу ишончи учун Худо Ибромни солиҳ деб эълон қилди.

Frame 04-09

Сўнг Худо Ибром билан аҳд тузди. Одатда аҳд бир-бирлари олдида маълум мажбуриятларни бажаришга келишган икки томон ўртасида тузилади. Аммо бу сафар Худонинг Ўзи Ибром билан аҳд тузиб, Ибромнинг ўғил кўришини ва бу ўғил унинг меросхўри бўлишини ваъда қилди. Худо ушбу аҳдга кўра Канъон ерини Ибромнинг наслига мулк қилиб берди. Сўнг туш орқали унинг насли билан нима бўлишини аён қилди. Бу ҳодисалардан сўнг кўп вақт ўтди, аммо Ибром ҳамон фарзандсиз эди.

Муқаддас Китоб ҳикояси Ибтидо 11-15 дан олинган