uz_obs/34.md

4.4 KiB
Raw Permalink Blame History

34. Исо турли ҳикоялар сўзлаб, халққа таълим беради

Frame 34-01

Исо Худонинг Шоҳлиги ҳақида турли ҳикоялар сўзларди. Масалан, У шундай деган: “Худонинг Шоҳлиги далада экилган хантал уруғига ўхшайди. Хантал уруғи барча уруғлардан кичкина эканлигини биласиз.

Frame 34-02

Лекин хантал уруғи ўсиб чиққанида, у барча буталардан баланд бўлади ва шунчалик катта дарахт бўлади-ки, ҳатто қушлар келиб, унинг шохларида ин қуради”.

Frame 34-03

Исо яна бир ҳикоя сўзлаб берди: “Худонинг Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл уни хамирга солади ва хамиртуруш хамирни оширади.

Frame 34-04

Шунингдек, Худонинг Шоҳлиги далада яширилган хазинага ўхшайди. Бир киши бу хазинани топиб олди ва уни ўзига олишни хоҳлади. Шунинг учун, ҳеч ким топиб олмасин деб, хазинани яна кўмиб қўйди. Кейин эса топганидан хурсанд бўлиб, борини сотди ва хазина яширилган далани сотиб олди.

Frame 34-05

Худонинг Шоҳлиги нуқсонсиз марваридни излаётган савдогарга ҳам ўхшайди. У қимматбаҳо марваридни топгач, бориб, бор нарсасини сотди ва уни сотиб олди.”

Frame 34-06

Исонинг орқасидан юрган оломон ичида ўзларининг солиҳлигига ишонган одамлар бор эди, чунки улар савоб ишлар қилардилар. Бу одамлар савоб ишлар қилмаган одамларга паст назар билан қарардилар. Исо улар учун шундай ҳикояни айтиб берди: “Икки киши ибодат қилиш учун маъбадга келди. Улардан бири солиқ йиғувчи, иккинчиси эса фарзий эди.

Frame 34-07

Фарзий шундай ибодат қиларди: “Худо, мен бошқа одамлар сингари гуноҳкор эмаслигим учун миннатдорман: қароқчилар, фирибгарлар, хоинлар ёки мана бу солиқ йиғувчи каби эмасман.

Frame 34-08

Мен ҳафтасига икки марта рўза тутаман, барча пулларим ва даромадларимнинг ўндан бир қисмини Сенга бераман”.

Frame 34-09

Солиқ йиғувчи эса фарзийдан узоқда турарди. У ҳатто осмонга кўзларини кўтаришга ботинолмасди, фақат мушти билан кўкрагига уриб: “Худо, ўтинаман, менга раҳм қил, чунки мен гуноҳкорман” — дея ибодат қилар эди”.

Frame 34-10

Исо деди: “Сизларга айтаман, Худо фарзийни эмас, солиқ йиғувчини солиҳ деб ҳисоблайди. Чунки, ўзини бошқалардан юксалтирган камситилади, ўзини ҳаммадан паст тутган эса, юксалтирилади”.

Муқаддас Китоб ҳикояси Матто Хушхабари 13:31-33, 44-46, Марк Хушхабари 4:30-32 ва Луқо Хушхабари 13:18-21; 18:9-14 дан олинган