uz_obs/15.md

7.6 KiB
Raw Permalink Blame History

15. Ваъда қилинган ер

Frame 15-01

Ниҳоят исроилликлар учун Худо ваъда қилган ер — Канъонга кириш вақти келди. Бу ерда Ерихо деган шаҳар бор эди. Бу шаҳар мустаҳкам деворлар билан ҳимояланган эди. Нун ўғли Ёшуа Ерихога иккита айғоқчи юборди. Бу шаҳарда Раҳоба исмли бир фоҳиша яшарди. У айғоқчиларни ўз уйида яшириб, кейинроқ шаҳардан қочиб кетишларига ёрдам берди. Чунки у Исроил Худосининг қудратига ишонди. Айғоқчилар Раҳобага исроилликлар Ерихо шаҳрини барбод қилганларида, уни ва унинг оиласини ҳимоя қилишга ваъда бердилар.

Frame 15-02

Ваъда қилинган ерга кириш учун исроилликлар Иордан дарёсидан ўтишлари керак эди. Худо Нун ўғли Ёшуага: “Руҳонийлар олдинда юришсин” — деди. Руҳонийлар Иордан дарёсига киришлари билан дарёдаги сув оқишдан тўхтади ва исроилликлар қуруқликдан юриб дарёнинг нариги қирғоғига ўтдилар.

Frame 15-03

Ҳалқ Иордан дарёсидан ўтганидан кейин, Худо Нун ўғли Ёшуага қудратли Ерихо шаҳрига ҳужум қилишга тайёргарлик кўришни буюрди. Худо Нун ўғли Ёшуага руҳонийлар ва жангчилар олти кун давомида кунига бир марта шаҳар атрофини айланиб чиқишларини айтди. Руҳонийлар ва жангчилар Худонинг буюрганини бажардилар.

Frame 15-04

Шунингдек Худо исроилликлар еттинчи кун шаҳар атрофини етти марта айланиб чиқишлари кераклигини айтди. Шундан кейин руҳонийлар бурғу чалишлари, халқ эса баланд овозда ҳайқириши керак эди. Шунда Ерихо деворлари қулайди ва улар шаҳарни босиб оладилар. Исроил халқи худди шундай қилди.

Frame 15-05

Улар Худонинг амрларини бажаришлари билан Ерихо деворлари қулади! Худо буюрганидек, Исроил ҳалқи шаҳардаги барчани қириб ташлади. Улар фақат Раҳоба ва унинг оиласига раҳм қилдилар. Раҳоба кейинчалик Исроил халқининг бир қисмига айланди. Исроилликлар Ерихони яксон қилганларини эшитган бошқа Канъон халқлари, улар бизга ҳам хужум қилади, деб қўрқар эдилар.

Frame 15-06

Худо исроилликларга Канъондаги ҳеч бир халқ билан иттифоқ тузмасликни буюрди. Аммо Канъондаги бир халқ Нун ўғли Ёшуани алдади. Бу халқ Гивон халқи эди. Улар Канъондан узоқда туришларини айтиб, Нун ўғли Ёшуа улар билан иттифоқ тузишини сўрадилар. Нун ўғли Ёшуа ва Исроилнинг бошқа етакчилари бу ишнинг тўғри ёки нотўғрилигини Худодан сўрамай туриб, гивонликлар билан иттифоқ туздилар.

Frame 15-07

Уч кундан кейин гивонликлар аслида Канъонда яшашини исроилликлар билиб қолдилар. Гивонликлар уларни алдагани учун исроилликларнинг ғазаби келди. Лекин исроилликлар ҳамон тузилган тинчлик аҳдига амал қилардилар, чунки улар буни Худога ваъда қилган эдилар. Бироз вақт ўтгач, Канъондаги бошқа халқнинг, Амор халқининг шоҳлари гивонликлар исроилликлар билан келишув тузганини билиб қолдилар. Бу шоҳлар лашкарларини бирлаштириб, биргаликда Гивонга ҳужум қилдилар. Шунда гивонликлар ёрдам сўраб Нун ўғли Ёшуага мурожаат қилдилар.

Frame 15-08

Нун ўғли Ёшуа Исроил лашкарини йиғди. Улар бутун тун давомида гивонликлар томон юрдилар. Эрта тонгда эса аморликларга беҳосдан бостириб келдилар.

Frame 15-09

Ўша куни Худо Исроил учун жанг қиларди. У Амор халқи орасида қий-чув кўтарди ва кўпчиликни ўлдирган дўл юборди.

Frame 15-10

Бундан ташқари, исроилликлар аморликларни тор-мор қилишларига вақт етарли бўлиши учун, Худо осмонда қуёшни тўхтатди. Ўша куни Худо Исроил учун буюк ғалаба қозонди.

Frame 15-11

Худо бу қўшинларни мағлубиятга учратганидан сўнг, Канъондаги бошқа кўплаб халқлар биргаликда Исроилга ҳужум қилиш учун тўпландилар. Лекин исроилликлар Нун ўғли Ёшуа бошчилигида уларга ҳужум қилиб, уларни йўқ қилдилар.

Frame 15-12

Ушбу жангдан сўнг, Худо Исроилнинг ҳар бир авлодига ваъда қилинган ернинг хусусий қисмини берди ва Исроилнинг барча чегараларида тинчлик ўрнатди.

Frame 15-13

Нун ўғли Ёшуа кексайганида, бутун Исроилни бирга йиғди. У исроилликларга Худо улар билан Синай тоғида тузган аҳдни бажаришга ваъда берганларини эслатди. Халқ Худога содиқ қолишга ва унинг қонунларига риоя қилишга ваъда берди.

Муқаддас Китоб ҳикояси Ёшуа 1-24 дан олинган