uz_obs/13.md

8.6 KiB
Raw Permalink Blame History

13. Худо Исроил билан тузган аҳд

Frame 13-01

Худо исроилликларни Қизил денгиздан олиб ўтганидан сўнг, уларни саҳро орқали Синай номли тоғнинг олдига олиб келди. Айнан шу тоғнинг олдида бир пайтлари Мусо ёниб турган бутани кўрган эди. Исроил халқи ўз чодирларини Синай тоғининг этагига жойлаштирди.

Frame 13-02

Худо Мусога ва Исроил халқига шундай деди: “Агар Менга қулоқ солиб, Мен сизлар билан тузадиган аҳдга содиқ бўлсангиз, Мен учун қадрли бўлиб, руҳонийлар шоҳлиги ва муқаддас халқ бўласизлар”.

Frame 13-03

Худо Мусога халқни учинчи куни Худо билан учрашишга тайёрлаб, уларни муқаддаслашни буюрди. Икки кун давомида халқ бу учрашувга тайёрланди. Учинчи куни Худо Синай тоғининг чўққисига келди. Унинг келиши момақалдироқ, чақмоқ, тутун ва карнайларнинг товуши билан бўлди. Худо Мусони чақирди ва Мусо тоққа кўтарилди.

Frame 13-04

Синай тоғида Худо халқ билан аҳд тузиб, уларга ўнта амрни берди. Худо деди: “Мен — Эгангиз Худоман. Мен сизларни Мисрдаги қулликдан озод қилдим. Бошқа худоларга сиғинманг”.

Frame 13-05

“Бутлар ясаманглар ва уларга сиғинманглар, чунки Мен, Эгангиз, сизларнинг ягона Худойингиз бўлишим керак. Менинг исмимни беҳурмат тилга олманглар. Шанба муқаддас кун эканлигини унутманглар. Яъни, олти кун давомида барча ишингизни бажаринглар, еттинчи кун бўлмиш шанба кунини эса дам олишга ва Мен ҳақимда фикр юритишга бағишланглар”.

Frame 13-06

“Отангизни ва онангизни ҳурмат қилинглар. Одам ўлдирманглар. Турмуш ўртоғингизга нисбатан садоқатни бузманглар. Ўғирламанглар. Ёлғон гапирманглар. Бировнинг хотинига, бировнинг уйига ёки бошқа одамларга тегишли бирор нарсага кўз олайтирманглар”.

Frame 13-07

Бутун халқ Худо берган амрларни бажаришга рози бўлди. Ҳамма ягона Худога тегишли бўлишга ва фақат Унга сажда қилишга рози бўлди.

Frame 13-08

Худо исроиликларга улкан чодир — Учрашув Чодирини қуришни буюрди. Бу чодир қандай қурилишини ва унинг ичига нималар жойлашишини Худо уларга батафсил тушунтирди. Чодирни иккита хонага ажратиб туриш учун катта парда осишни буюрди. Худо парданинг орқасидаги хонага келишини ва у ерда қолишини айтди. Бу хонага фақат олийруҳоний кириши мумкин эди.

Frame 13-09

Худо Ўзига руҳоний қилиб Мусонинг акаси Ҳорунни ва унинг авлодларини танлади. Халқ Учрашув Чодири олдида қурбонгоҳ қуриши керак эди. Худонинг Қонунини бузган ҳар ким шу қурбонгоҳ олдига жонивор келтириши керак эди. Руҳоний бу жониворни сўйиб, Худога қурбонлик қилиб уни қурбонгоҳда куйдириши керак эди. Худо шундай деди: “Бу қурбонликнинг қони гуноҳ қилган одамнинг гуноҳларини қоплайди ва Мен унинг гуноҳларини кўрмайман”. Шу қурбонлик туфайли инсон Худонинг назарида пок бўларди.

Frame 13-10

Бундан ташқари Худо халққа бошқа қонунлар ва қоидалар берди. Агар инсонлар бу қонунларни бажарсалар, Худо уларни марҳаматлашини ва ҳимоя қилишини ваъда қилди. Лекин инсонлар бу қонунларни бажармасалар, уларни жазолашини айтди. Худо иккита тош лаваҳга ўнта амр ёзди ва Мусога Синай тоғига кўтарилиб, бу тош лавҳаларни олишни буюрди.

Frame 13-11

Мусо Синай тоғида кўп вақт бўлди ва у ерда Худо билан гаплашди. Одамлар Мусонинг қайтишини кутиб чарчадилар. Ҳоруннинг олдига ўзларининг олтин буюмларини олиб келиб, бут ясаб беришни сўрадилар, токи улар Худога эмас бутга сажда қилсинлар. Шундай қилиб улар Худога қарши катта гуноҳ қилдилар.

Frame 13-12

Ҳорун олтиндан буқа кўринишидаги бутни ясади. Халқ телбаларча бутга сажда қилиб, унга қурбонликлар келтира бошлади. Бу гуноҳ учун Худо улардан қаттиқ ғазабланди. У Мусога халқни йўқ қилмоқчи эканини айтди. Аммо Мусо Худога ибодат қилиб, уларни ўлдирмаслигини сўради. Худо унинг ибодатини эшитди ва халқни йўқ қилмади.

Frame 13-13

Мусо Синай тоғидан тушаётганида, Худо ўнта амр ёзган иккита тош лавҳани қўлларида ушлар эди. Мусо бутни кўриб шунчалик ғазабландики, тош лавҳаларни синдириб ташлади.

Frame 13-14

Сўнг Мусо бутни ёндириб, уни эзиб кукун қилди. Кукунни сувга ташлаб, халқни шу сувни ичишга мажбурлади. Худо халққа оғир касаллик юборди ва уларнинг кўпи ҳалок бўлди.

Frame 13-15

Худо Мусога синдирилган тош лавҳалар ўрнига ўнта амр учун янги тош лавҳалар ясашни буюрди. Мусо шундай қилди. У яна тоққа чиқиб, Худо халқни кечириши учун ибодат қилди. Худо Мусони эшитди, Исроил халқини кечирди ва янги тош лавҳаларга ўнта амрни ёзди. Мусо бу тош лавҳалар билан тоғдан қайтди. Шундан кейин Худо Исроил халқини Синай тоғидан ваъда қилинган ерга етаклади.

Муқаддас Китоб ҳикояси Чиқиш 19-34 дан олинган